Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида

03.05.2019

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия: Уч вазирлик раҳбарияти кутилаётган янгиликларни маълум қилди.

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Kun.uz мухбири хабар беришича, тегишли вазирликлар томонидан қайта тикланувчи энергия соҳасида режалаштирилган лойиҳалар хусусида маълумот берилган.

Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг қайд этишича, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича яқин йилларда бир неча лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган концепция ишлаб чиқилган.

Унга кўра, бу йилларда 4та ГЭС қурилиши ва 12та ГЭС модернизация қилиниши белгиланган. Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2030 йилга қадар 2000 мегаватт қувватга эга қуёш энергия станцияси ҳамда 1500 мегаватт қувватга эга шамол энергия станцияси қурилиши кутилмоқда. Шунингдек, Халқаро молия корпорацияси лойиҳаси асосидаги 100 мегаватт қувватга эга қуёш станциясини қуриш бўйича тендер ўтказилмоқда.

«Бирлашганган Араб Амирликлари ва Франциянинг қатор ташкилотлари билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида 200 мегаватт қувватли қуёш станцияси ва Навоий вилоятида 100 мегаватт қувватли шамол станцияси қурилиши бўйича ҳамкорлик қилинади», — дейди Мирзамаҳмудов.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовга кўра, қайта тикланувчи энергия соҳасига сармоя киритиш бўйича 20дан ортиқ инвесторлар мурожаат қилган.

«Хорижий сармоядорлар билан суҳбатлашганда улар қайта тикланувчи энергия соҳасида амал қилувчи норматив ҳужжат мавжудми, дея сўрашади. Айнан шундай ҳужжатнинг бугунги кунга қадар бўлмагани бу соҳага инвестиция киритилишига маълум даражада тўсқинлик қилган. «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши соҳада катта ўзгариш ясайди», — дея қўшимча қилди у.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг қайд этишича, Толимаржон сув омбори ресурсларидан фойдаланган ҳолда энергия ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Бу йилига 60 млн киловатт қувват чиқариш имкониятини бериши мумкин.

«Соҳани инновацион жиҳатдан ривожлантириш мақсадида Қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш агентлиги ва унинг қошида жамғарма ташкил этиш бўйича вазирлик томонидан таклиф берилган», — дея баён қилди Абдураҳмонов.

Манба:

https://kun.uz/news/2019/05/03/ozbekistonda-qayta-tiklanuvchi-energiya-uch-vazirlik-rahbariyati-kutilayotgan-yangiliklarni-malum-qildi

Did you enjoy this post? Why not leave a comment below and continue the conversation, or subscribe to my feed and get articles like this delivered automatically to your feed reader.

Comments

No comments yet.

Leave a comment

(required)

(required)